5-кун: Ҳар куни кўзингизга қилаётган энг ёмон иш
Шундай бир одат борки, уни ҳозироқ тўхтатишингиз керак. Буни нима эканлигини айтишдан олдин, келинг кўз соққасининг х-ўқи бўйича чўзилишини эслайлик. Бунинг асосий сабаби илмий тилда “hyperopic defocus” деб аталадиган ҳолатдир. Оптикада сизга қоронғу хонада, энг кичик масофани ўта тиниқ кўра оладиган даражада кучли кўзойнак ёзиб берилади, сиз эса уни ҳар доим ҳамма жойда бирдек тақиб юраверасиз. Бу эса кўзингиз учун яхши эмас.
Агар кучли диоптриялик кўзойнакни фақатгина узоқ масофа учун тақсангиз ва кўз мушаклари спазми кузатилмаса, балки кўзойнак кучи ошиб бормас, лекин бу амалда деярли имконсиз. Ҳаттоки, миопияси йўқ кишига узоқ муддат манфли линзали кўзойнак тақтирсангиз, ёруғлик ретинадан орқада фокусга тушиб (hyperopic defocus) кўз соққаси чўзилади.
Кўз соққасини чўзилишини тушунтирадиган илмий мақолалар бор, лекин уларни ўрганиш кўпчилик учун қийин, тушунарсиз ва зерикарли. Ундан ташқари, мен уларни таржима қилишим катта машаққатли иш. Қизиқувчилар бўлса марҳамат, мана бу ерда илмий мақолаларни ўқишлари мумкин.
Кўз соққасининг чўзилиши жуда катта мавзу. Кўз соққаси қанчалик чўзиқ бўлса, миопиянинг даражаси шунчалик юқори бўлади, яъни кучлироқ кўзойнакка эҳтиёж бўлади. Яна бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Агар чўзилиш қандай кўринишда бўлади деб қизиқаётган бўлсангиз, ҳар -3 диоптрия кўз соққасини тахминан 1мм чўзилишига тўғри келади.
Кўпчилик оптеметристлардан “кўзойнак тақмасанг кўзинг ёмон бўлиб кетади” деганини эшитганман, балки сиз ҳам. Аслида, оптеметрист берган кучли кўзойнакни ҳар доим, ҳар масофада тақиш кўзни чўзилишига ва узоқни кўриш янада ёмонлашишига олиб келади.
Лекин ҳамма оптеметристлар ҳам бирдек эмас, улар ичида билимлиги ва сизга тўғри тавсия берадиганлари ҳам бор. Агар бирор оптикада сизга компютер учун кучсизроқ кўзойнак ёзиб бераётган оптеметристни кўрсангиз, ана ўша жойга борганингиз маъқул. Балки уларда сиз ўрганаётган ушбу кучли ва муваффақиятли услуб асосида ҳамма маслаҳатлар берилмас, ҳар қалай уларнинг йўли бошқаларникидан кўра афзалроқ.
Юқоридаги гапларни ўқигандан кейин, сизда аллақачон бугунги мақоладаги саволга жавоб бўлиши керак.
Кўзингиз учун қилаётган энг ёмон одатингиз бу — энг узоқ масофани кўриш учун мўлжалланган кўзойнакни яқин масофа учун, масалан 60cм узоқликдаги компютерни кўришга ишлатишингиз.
Мана шу кўзларингизни бузадиган энг ёмон ишдир. Эсингиздами, бу одат қандай қилиб кўзларимиз соққасини чўзилишига олиб келиши ҳақида видеода кўриб ўтгандингиз. Кўзларимиз ташқи омиллар -стимул таъсирида ўзгаради. Кўриш қобилиятини яхшилаш учун мана шу стимулларни тўғри тушунишимиз, ва уларни тўғирлашимиз керак. Қисқача қилиб айтганда, стимул бу ёруғликни кўзингизни қаерида фокусга тушиши ҳақидадир.
Агар ҳали ҳам ҳеч нимага тушунмаётган бўлсангиз, миопия ҳақидаги батафсил мақолани қайта ўқиб чиқишингизни маслаҳат бераман.
Бир нарсани тўғри тушунишингизни хоҳлардим. Бу ерда сизга умуман кўзойнак тақмаслик тавсия этилмаяпти, балки кўзойнакдан тўғри фойдаланиш учун маслаҳат бериляпти. Узоқни кўриш учун кўзойнак тақинг, тақмасликдан фойда йўқ.
Яна қайтараман, узоқни кўриш учун мўлжалланган кўзойнакни яқин масофа учун тақманг. Хўш, унда нима қилиш керак? Агар сизни ҳозирги кўзойнагингиз -2.00 диоптриядан кичикроқ бўлса, масалан -1.75, -1.50 ва ҳоказо (аслида математик нуқтаи назаридан каттароқ дейиш тўғрироқ бўлади, чунки бу рақамлар нолга яқинлашиб боради), унда яқин масофа (компютер, телефон китоб ва ҳакозо) учун кўзойнак тақманг.
Агар -2.00 дан юқори бўлса (яна бир бор математик тилда кичикроқ), унда оптик кучи сустроқ бўлган кўзойнак олиш вақти келди. Юқорида айтганимиз “яхши оптеметрист” топсангиз, ўша ерда яқин масофа учун кўзойнак ясатиб олинг. Китоб, газета ёки компютер экранига қараб кўзингиз хира кўрмайдиган даражадаги энг кучсиз кўзойнак ясаттиринг. Чўнтагингиз кўтарса, менга ўхшаб бир нечта кўзойнак ясаттириб олинг, ва масофани яқинлигига қараб кучсизроқ кўзойнакдан фойдаланинг. Мен яқинда -1.75 дан -3.00 гача 5та кўзойнак ясаттирдим. Яқин масофа учун жуда чиройли кўзойнак бўлиши шарт эмас, энг арзони 30минглик оправа, 30 минглик линза (шиша) жами 60минг сўм, тахминан $6. Америкада эса энг арзон кўзойнакни онлайн $20–30 га буюртирса бўлади.
Контакт линза тақмасликни маслаҳат берган бўлардим, чунки яқин масофада уни ечиб қўйиш, ёки кучсизроғига алмаштириш жуда ноқулай. Агар контакт линзани афзал кўрсангиз, унда ҳам иложи бор. Яқин масофа учун мусбат линзали (яқинни ўқиш учун кўпроқ ёши катталар тақадиган) кўзойнак ясатиб, контакт линза билан биргаликда тақасиз. Эсласангиз, мусбат ва манфий линзалар бир бирини бекор қилади. Мисол учун, сиз -3.00 диоптриялик контакт линза тақсангиз, балки +1.50 диоптриялик кўзойнакни бирга тақсангиз шунда кўзингизга -1.50 кўзойнак тақилган стимул пайдо бўлади ва бу яқинни кўриш учун етарли бўлиши мумкин. Кулгили туйилиши мумкин, лекин бу иш беради.
Агар узоқ вақт ушбу мақолада айтилган ёмон одатни қилиб келаётган бўлсангиз, яқин масофа учун кучсизроқ кўзойнак тақиш (ёки -2.00дан пастроқ кўзойнак тақадиганлар умуман тақмаслиги)ни иш-ўқиш йўқ куни, масалан дам олиш кунларидан бошлаган маъқул. Чунки бошида кўз мослашгунча бироз вақт олиши мумкин.
Агар берилган маслаҳатга 4 ҳафта амал қилиб узоқни кўриш учун мўлжалланган кучли кўзойнакни яқин масофа учун ишлатмасангиз, ва кейин яқин масофа учун ўша кучли кўзойнагингизни яна қайта тақсангиз, бош айланиши ҳатто кўнгил айниши кузатилиши мумкин. Нима учун? Сабаби оддий, миянгиз (кўриш кортекси) яқин масофани кўришингиз учун ортиқча бўлган манфий линзани қабул қила олмайди. Унда нима учун ҳозир бундай бўлмайди деган саволнинг жавоби эса, сизнинг кўзингиз йиллар давомида ушбу стимулга мослашиб борган.
Кейинги мақолада компютер олдида ўтирганда қилишингиз ва қилмаслигингиз керак бўлган маслаҳатлар берилади.
Манба: https://endmyopia.org/day-57-myopia-progression-the-one-thing-you-have-to-stop-doing/