Кўз мутахассиси бўлмай туриб бу борада маслаҳатлар бериш мумкинми?
Кўриш қобилиятини яхшилаш борасида мақола ва видеолар тайёрлашдан олдин бу иш тўғрими, одамлар маломат қилмайдими, фойдаси бормикин деган уй-ҳаёллар ўтганди. Ҳаммага ёқишнинг иложиси йўқ, қанчалик яхши иш қилманг танқид ва маломат қиладиган топилади. Лекин уларни деб савоб ишни тўхтатиб қўйиб бўлмайди. Хуллас, танқидлар бошланди ва бунга қуйидагича жавоб бермоқчиман.
Энг аввалоси, биринчи мақолам ва биринчи видео чиқишимда кўз шифокори ёки бу борадаги мутахассис эмаслигимни айтгандим. Бу қилинаётган ишлар инглиз тилидан ўзбек тилига таржима холос.
Иккинчидан, бу гапларни гапириш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Чунки миопия кўз касаллиги эмас, балки ташқи омиллар сифатида кўриш қобилиятининг сусайиш ҳолатидир. Бу ерда ҳеч қандай жарроҳлик операцияси, ёки махсус кўз машқлари бўйича маслаҳат берилгани йўқ, балки кўзни табиий ишлаши, кўзойнакларнинг таъсири ўрганилиб, кўзойнакдан тўғри фойдаланиш, кўзларни асраш учун керкали масофани, ёруғликни ва бошқа ташқи омилларни тўғри танлаш каби кундалик тавсиялар берилади. Буларни тушуниш учун мактабдаги физика фанинг оптика бўлими ҳамда биология фанидан бироз маълумотга эга бўлиш етарли деб ўйлайман. Демак, сиздан университетда ўқиб соҳа бўйича диплом олиш талаб этилмайди.
Учинчидан, кимнидир, қайсидир соҳа мутахассисларини танқид қилиш учун сиз ундан кўра ўша соҳада билимдонроқ бўлишингиз шарт эмас. Мисол учун, мен Нютоннинг корпускуляр назариясини (ёруғликнинг модда сифатида талқини) танқид қила туриб, бу назария ёруғликнинг табиатини тўла ифода эта олмайди дейишим учун Нютондан кўра билимлироқ бўлишим шарт эмас. Буни мактаб ўқувчиси ҳам бемалол айта олади. Чунки, ушбу назария ёруғлик дифракцияси (ёруғликнинг тўсиқларни айланиб ўтиши) ва ёруғлик интерференцияси (ёруғлик дасталари бир-бири устига тушганда ёритилганликнинг кучаюви ёки заифлашуви) ҳодисаларини модда сифатида тушунтириб бера олмайди, буларни фақат ёруғликни тўлқин табиати тушунтириб бера олади. ХИХ асрга келиб Максвел ва Герц ёруғликнинг тўлқин табиатини тажрибада кўрсатиб беришди. Буларни умумий хулоса қилиб мен айтаманки, ёруғлик жисм сиртида модда, ҳавода эса тўлқин табиатига эга. Демак, кимгадир номаълум бўлган маълумотни сиз билганингиз ҳолда, унинг гапи нотўғри деб танқид қилишингиз учун сиз ундан кўра билимлироқ бўлишингиз эмас, балки ушбу маълумомотни (албатта у ўз мутахассислари томонидан исботланган бўлиши шарт, худдики ХИХ асрга келиб Максвелл ёруғлик электромагнит тўлқинларнинг хусусий ҳоли эканлигини исботлагани каби) билишингиз етарли экан.
Тўртинчидан, ушбу услуб аллақачон илмий тадқиқотларда ўз исботини топган, тажрибада ўз самарасини кўрсатган. 1000лаб одамлар ушбу услубдан фойдаланиб кўриш қобилиятини яхшилашга эришган. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Google Scholar сайтига бориб мавзуга алоқадор калит сўзларни қидириб кўринг (бу мақолаларда қайта-қайта айтилган, мақолани тўлиқ ўқимай туриб танқид қилиш номардлик бўлади).
Бешинчидан, хўш, унда нима учун буни кўз шифокори ёки оптеметрист билмайди ёки сизга тавсия этмайди? Жавоби шуки, ушбу услуб ҳали патентланманган, университетларда ўқитилмайди, шунинг учун ҳамма ҳам билмайди.
Олтинчидан, манфаат бор жойда коррупция бор, ҳаттоки илмий изланишларда ҳам бўлиши мумкин. Агар оптеметрист сизга кўзойнак сотса, ва кўзойнак миопиянинг ягона чораси деб айтса, демак ўз манфаати йўлида сизга ёлғон гапирган бўлади. Бир чиройли мисол келтираман. New York Times да босиб чиқарилган ушбу мақолани ўқиб кўринг, унда қандай қилиб Шакар Тадқиқот Маркази 1967 йилда Гарвард Университетининг 3та тадқиқотчи олимига бугунги кун ҳисоби бўйича 50,000 АҚШ доллари миқдорида пул бериб, юрак ҳасталигига шакар эмас балки ёғ сабаб бўлиши ҳақида мақола чиқарган. Кўзойнак ҳам катта саноат, катта миқдорда пул келади бу бизнесдан. Оптеметрист кўзойнак ва линза сотса, кўз шифокори соппа соғ кўзингизни лазер операцияси билан “бузиб қўйса”, улар пулингизни олади, сиз эса…
Ва охиргиси, бу ишда менга ҳеч қандай манфаат йўқ, ватандошларимиз учун яхшиликни кўзлаб қилинган хайрли иш. Ҳадиси шарифга биноан:
“Сизларнинг бирингиз ҳақиқий иймонга эриша олмайди, токи ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун яхши кўрмагунча”.